Экспортчига кўмак

Чоп этиш версияси

Экспорт-импорт операцияларини суғурталаш

Ўзбекистон бозорида экспорт операцияларини суғурталаш, биринчи навбатда, "Ўзбекинвест" экспорт-импорт суғурта компанияси" AЖ томонидан амалга оширилади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг  2018 йил 20 декабридаги ПҚ-4069-сон  «Экспортга кўмаклашиш ва уни рағбатлантиришни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ва 2019 йил 24 майдаги “Экспорт фаолиятини молиялаштириш ва суғурта ҳимояси механизмларини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги  ПҚ-4337-сон Қарорларига мувофиқ компанияга Ўзбекистон Республикаси Экспорт қалтисликларини суғурталаш давлат агентлиги  функциялари юклатилган.

"Ўзбекинвест" экспорт-импорт суғурта компанияси" АЖ Ўзбекистон Республикасида экспортни қўллаб-қувватлаш Миллий тизимига киритилган бўлиб, компанияга экспорт контрактларини ва кредитларини сиёсий ва тижорат қалтисликларидан суғурта қилиш вазифаси белгилаб қўйилган.

Экспортни рағбатлантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг  2020 йил 25 августдаги 512-сон Қарорига мувофиқ, экспорт шартномалари ва логистика таваккалчиликларини суғурта қилиш учун суғурта пулининг 1 фоизигача бўлган  харажатлар ёхуд бевосита суғурта қилдирувчига, суғурта мукофотини тўлаганидан кейин, ёхуд суғурта компаниясига, суғурта полиси тақдим этганидан кейин, давлат бюджетидан тўлиқ қоплаб берилади.

Тижорат банкларининг кредитлари ва Экспорт-импорт операциялари бўйича тақдим этиладиган суғурта маҳсулотлари

Компания экспортчиларнинг ташқи бозорлардаги манфаатларини сиёсий ва тижорат қалтисликларидан ҳимоя қилиш мақсадида кўплаб суғурта маҳсулотларини тақдим этади, шу жумладан:

- Товар етказиб берувчининг кредити суғуртаси (товарларни муддати кечиктирилган тўлов шартларида етказиб бериш);

- Чет эллик харидор банкининг аккредитив бўйича мажбуриятларини бажармаслигидан суғурталаш;

- Экспортчининг айланма маблағларини тўлдириш учун берилган кредитни суғурталаш (экспортолди молиялаштириш);

- Ўзбекистон тижорат банкларининг "Харидорга кредит" тури бўйича экспорт кредитларини суғурталаш;

- Экспорт факторингини суғурталаш;

- Импорт шартномаси бўйича аванс тўловини суғурталаш;

- Экспорт шартномаси бекор бўлишидан суғурталаш.

КИМЛAР БИЗНИНГ МИЖОЗИМИЗ БЎЛИШЛАРИ МУМКИН?

Экспортчилар

Кечиктирилган тўлов асосида экспорт шартномаларини тузувчи ёки экспортолди молиялаштиришга муҳтож бўлган экспортчилар.

Банклар

Савдони молиялаштириш соҳасида фаолият юритадиган тижорат банклари (экспорт шартномаларини кредитлаш).

Импортчилар

Янги етказиб берувчи билан олдиндан тўлов асосида маълум маҳсулотларни етказиб бериш бўйича импорт шартномаларини тузувчи импортчилар.

CУҒУРТАЛАШНИНГ ФОЙДАЛИ ТОМОНЛАРИ:

-Экспорт-импорт шартномаларини амалга оширишда ва тижорат банклари томонидан экспортолди молиялаштиришда юзага келувчи зарарларнинг 100 фоизигача қопланиши;

-Чет эл бозорларида сотув ҳажмининг ортиши;

-Суғурта полиси таъминот сифатида фойдаланган ҳолда, кредит олиш имконияти;

-Валюта тушумлари келиб тушмаган тақдирда жарималардан озод бўлиш.

СУҒУРТАЛАШ ШАРТНОМАСИ ҚАНДАЙ  ТУЗИЛАДИ?

Суғурта ҳимоясини олиш учун компаниянинг ҳудудлардаги тегишли филиалларига ёки компаниянинг Тошкент шаҳридаги бош офисига суғурта шартномасини тузиш ҳақида ариза топшириш зарур.